Shrift o'lchami Rang Rasm

www.DANGARA.uz


<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 5 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


Ҳовли сатҳида... парник

×

 2020-04-25 10:02:57    913

PDF yuklash
Chop etish





Кичик Турк қишлоғилик Рустамали  Маматвалиев  уйининг ҳовлисида кўчат етиштиряпти, дейишса, рости ишонмагандик. Дарвозадан киришимиз билан парникларга кўзимиз тушгач, бу гаплар рост эканига гувоҳ бўлдик.  Қўлбола 1 та парникда помидор, яна бир парникда эса қалампир ва булғор қалампири кўчатлари яшнаб турибди. Бундан ташқари, томорқаси четидаги мевали дарахтлар остига қурилган парникларда ҳам қалампир ва помидордан ташқари бақлажон, бодринг кўчатлари  етиштириляпти.

– Бундан 15 йилча олдин Бувайдада кўргандим ҳовлига парник қилганини. Шу ишни ўзим ҳам қилсам бўлмайдими, деб кўп ўйладим. Лекин ўша дамда ҳафсала етишмади. Ана қиламан, мана қиламан, деб йилларни ўтказиб юбордим. Охири ҳам мақсадимга эришдим. Бу ишнинг сир-асрорларини ўрганиб, кўчат етиштиришни бошлаганимга ҳам 7 йил бўлди,- деди Р. Маматвалиев.

Ҳовлига парник қилишнинг ўзи бўлмас экан. Аввало, унга “масаллиқ” яъни чиринди тайёрлаш керак. У чўп ва хас-ҳашаклар аралашмасидан тайёрланади. Чуқурга солинган аралашмага салкам бир  йил давомида вақти-вақти билан сув қуйилиб, ачитилади. Сўнг у парник остига солинади, устидан элакдан ўтказилган майин чиринди ташланади. Уруғ сепилгач ҳам шу чириндидан юпқа қилиб сепиб турилади. Уруғ униб чиққач, ўтоқ қилиш, суғориш, кўчатлар каттароқ бўлгач сийраклаштириш зарур. Кўчатлар сотиб бўлиниб, парниклар бўшагач, чириндилар чуқурга ташланади. Яна маҳаллий ўғит билан бойитилади. Бу юмушларни у турмуш ўртоғи Саломатхон ёрдамида бемалол уддалаяпти.

Хонадан соҳибидан  парник ҳовлидан кўра томорқага қилинса, иш енгил кўчмайдими, деб сўрадик.

– Парникка ҳаракатни январдан бошлаймиз,- дейди у. - Бу пайтда ерларимиз захкаш бўлгани учун етилмайди. Қолаверса, парникни томорқага қилсак, жойдан ютқазамиз. Мана, ҳовли йил ўн икки ой бўш. Бўш тургандан кўра ундан фойдаланиб, даромад кўрсангиз ёмонми?!

Парникнинг у ер бу ерида лента кенглигида райҳон сепилгани эътиборимизни тортди. Кейин билсак, бу навлар оралиғидаги чегарани билдирар экан. Қолаверса райҳон кўчатининг ҳам харидори ҳам, фойдаси ҳам кўп.


 – Ҳозирги коронавирус пандемияси сабаб жорий этилган карантин шароитида кўчатларни сотишда қийинчилик бўлмаяптими, шу билан ҳам қизиқдик.

– Қийинчилик бор эди. Ўтган ҳафтада хонадонимизга туманимиз раҳбарлари келишди, уларга муаммоларимизни айтдик. Ўша куниёқ туман бўйлаб транспортда юриб кўчат сотишимизга руҳсатнома тайёрлаб беришди, раҳмат. Шу билан бирга мижозларимиз ҳам кам эмас, маҳалла-куй, қўни-қўшни, таниш-билишларни айтмай қўяқолай,- деди Р. Маматвалиев.

Оилага тегишли томорқа ҳам кичик эмас. 10 сотихдан зиёд ерга плёнка остига ҳандалак экишибди. Ҳозир гуллаш арафасида. Пуштаси ҳам бўш эмас, картошка етиштиряпти. 6 сотихча ерга эса, терак чикалдаги суқишибди. Ҳа айтгандек, ўтган йили ҳам шу жойга чикалдак экишган экан.  Баҳорда шунинг ўзидан 15 миллион сўмга яқин даромад кўришибди.

Сир эмас, кўпчилигимиз ҳовлига плита, бетон, асфальт ётқизиб, ёки майсазорга айлантириб, узумтокнинг ҳосили билан қаноатланамиз. Ҳатто айримларимиз томорқадан ҳам унумли фойдалана олмаяпмиз. Фақатгина, чорва учун озуқабоп экин экиш билан чекланиб қоляпмиз. Уни оила эҳтиёжини қондирадиган, даромад келтирадиган манбаага айлантиришга интилмаяпмиз. Бугунги кун талаби эса, Р. Маматвалиевдек “қаловини топадиган” тадбиркордан ўрнак олишга  даъват этмоқда.

Б. Ҳусанов.