Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Хусусий мулк ва мулк ҳуқуқи.
2025-01-30 16:34:22 129
Кишилик жамияти пайдо бўлгандан бошлаб мулк ва мулкий муносабатлар масаласи энг мураккаб ва марказий муаммолардан бири ҳисобланади. Инсониятнинг кўп йиллик тарихида бўлиб ўтган кўпгина урушлар, қўзғолонлар, инқилоблар бунга далолат бўлиб, уларнинг асл сабаби ўша даврда мавжуд бўлган мулк муносабатларини ўзгартириш, қайтадан қуриш ҳисобланган.
Жамиятнинг иқтисодий негизини мулк ташкил этади. Шунингдек, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тузилиши ҳам мулк билан, мулкнинг кимларга тегишли эканлиги билан белгиланади. Мулксиз ижтимоий муносабатларни ривожлантиришнинг, мамлакатда халқ фаравонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг иложи йўқ. Мулк ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида амалга ошириладиган ҳаракат манбаидир
Хусусий мулк ҳуқуқи хусусий мулкдорнинг ашё ёки бошқа моддий ва номоддий неъматлар устидан давлат томонидан кафолатланган ва жамият манфаатлари йўлида чегараланган ҳукмронлигидир.
Хусусий мулк ҳуқуқи субъектлари ўз ҳуқуқларини амалга ошириш жараёнида бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги, қонунда назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларга мол-мулкидан чекланган тарзда фойдаланишга йўл қўйишга мажбурлиги белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, қонун чиқарувчи хусусий мулкдорга ўзига қарашли мол-мулкдан ўз хоҳиши билан ўз манфаатларини кўзлаб ҳар қандай тарзда фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлайди (ФК 164-модда).
Авваламбор, мулк – бу субъектлар томонидан мол-мулкни ўзлаштиришнинг ижтимоий шаклидир. Ушбу объектларга нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этишга давлат томонидан ваколат берилган шахс эса мулкдор сифатида эътироф этилади.
Амалдаги фуқаролик қонунчилигига кўра хусусий мулк қаторига фуқаролар хусусий мулки билан биргаликда барча нодавлат юридик шахсларнинг мулки ҳам киритилади.
«Мулкчилик тўғрисида”ги қонунга кўра хусусий мулк даромад олиш мақсадида мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини ифодалайди.
Эгалик қилиш ҳуқуқи – мол-мулкни ўз қўлида ёки унга нисбатан ўз ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятини берувчи жойда сақлаб туриб, мулкдорга ашё устидан хўжалик ҳукмронлигини амалга оширишнинг юридик таъминланган имконияти;
Фойдаланиш – иқтисодий маънода моддий ва маънавий эҳтиёжларин қондириш мақсадида ашёнинг фойдали хусусиятларини олиш;
Тасарруф этиш – мулкдорнинг ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб ашёнинг тақдирини белгилашнинг юридик таъминланган имконияти. Тасарруф этиш – тўлиқ ҳажмда фақат мулкдорга тегишлидир. Бироқ қонунда назарда тутилган ҳолларда ушбу ҳуқуқ фуқаролик муомаласининг бошқа иштирокчиларига ҳам берилиши мумкин (масалан, воситачига).
Фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлишлари уларнинг ФКнинг 18-моддасида назарда тутилган асосий ҳуқуқ лаёқатларидан бири саналиб, бутун ҳаёти давомида улардан ажралмайди. Қонунда назарда тутилган ҳолларда мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос олингандан сўнг тирик туғилган болалар мерос асосида мулк ҳуқуқига эга бўлишлари мумкин (ФКнинг 1118-моддаси). Конституциянинг 36-моддасида ҳам ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақлилиги кўрсатилган. Инсон ҳуқуқлари Умумжахон декларациясида мулк ҳуқуқи инсонга тегишли бўлган узвий ҳуқуқлардан бири сифатида эътироф этилиб “ҳар бир инсон якка ўзи ёки бошқалар билан биргаликда мулкка эгалик қилиш соҳибидир. Ҳеч ким ўзбошимчалик билан ўз мулкидан маҳрум қилиниши мумкин эмаслиги” қайд этилган (11-модда).
Юқоридагиларга кўра хусусий мулк ижтимоий меҳнат тақсимоти ва ишлаб чиқаришнинг ривожланиши натижасида вужудга келган, жамоа мулки негизида шаклланган мулк шакли, хусусий мулк ҳуқуқи – хусусий мулкдорнинг ашё ёки бошқа моддий ва номоддий неъматлар устидан давлат томонидан кафолатланган ва жамият манфаатлари йўлида чегараланган ҳукмронлигидир.
Фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқини вужудга келиш асослари ФКнинг 15 бобида келтирилган. (меҳнат фаолияти, фуқаролар томонидан амалга ошириладиган тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти натижасида мол-мулкни яратиш ва кўпайтириш; фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишга йўналтирилган олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя, рента, умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартирани) бошқа шахсга ўтказиш шартномалари ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа битимлар; мерос олиш, давлат мол-мулкнинг хусусийлаштириш; эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат ва бошқа қонунга зид бўлмаган асослардан иборатдир)
Шундай қилиб, ҳуқуқий муносабат сифатида мулк ҳуқуқи қонунда назарда тутилган фактларнинг содир бўлиши билан вужудга келади.
У.Х.Сафаров,
Фуқаролик ишлари бўйича
Қўқон туманлараро суди судьяси