Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга ва тўғридан-тўғри амал қилади.
2024-11-30 11:11:57 653
30.04.2023 йил куни Умумхалқ референдумида халқимиз томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда янги даврни бошлаб берди десак, муболаға қилмаймиз.
08.12.1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига йиллар давомида 15 марта ўзгартиришлар киритилган бўлса, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 65 фоизга янгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил қилади.
Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши ва мамлакатнинг бутун ҳудудида қўлланилиши нормаси ҳуқуқий давлатнинг муҳим ва асосий кўринишларидан биридир. Конституция нормалари тўғридан-тўғри қўлланилсагина, инсон манфаатларига хизмат қилади.
Конституциямизда қоидаларнинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш орқали демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш механизмлари мустаҳкамланди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид нормалар сони кўпайди, фуқароларнинг шахсий ҳуқуқларини қамраб олган нормалар билан янада мустаҳкамланди. Фуқаролар қонун лойиҳасини тўғридан-тўғри парламентга киритиш ҳуқуқига эга бўлди.
Янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилинган илк кунларданоқ ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, судлар томонидан конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри ва бир хилда қўлланилиши орқали инсон ҳуқуқларига оид кафолатларни тўлақонли таъминлаш мақсадида, 23.06.2023 йил куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 16-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур Пленум қарорида, Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туриши, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши, зарур ҳолларда, Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўлланиши лозимлиги юзасидан тушунтиришлар берилган.
Конституция нормалари суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланади. Башарти, соҳавий қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланса, фақатгина Конституция нормаларига асосланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқиш ҳуқуқи кафолатланган.
Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини англатади.
Шунга кўра, судлар томонидан кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмунини баҳолаб, Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўлланилади.
Судлар томонидан Конституцияси нормасини тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмаганлиги важи билан қўллашни рад этишга йўл қўйилмайди.
Конституция нормалари тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъий назар, Конституциявий қонун кучга кирган пайтдан бошлаб, тўғридан-тўғри амал қилади.
Давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритадилар.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилишини жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси ўзида яққол ҳис қилиши лозим бўлади.
Қўқон туманлараро иқтисодий
судининг судьялари
Г.Холматова. Ф.Аманов.