Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг яна бир кафолати.

2023-09-19 17:20:33 185
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг яна бир кафолати.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилиш, уларнинг ишчанлик фаоллигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятида - эркин иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва рағбатлантириш мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир.
Мансабдор шахсларнинг тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашуви, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, якка тартибдаги тадбиркорларни рўйхатга олишни қонунсиз рад этиш, тадбиркорларнинг ариза ва шикоятларини ўз муддатида кўрмаслик ҳолатларига барҳам берилди.
Тадбиркорнинг тадбиркорлик фаолиятига аралашуви тубдан қисқартирилди, муқобил текширувлар ва режадан ташқари текширувларнинг барча турлари бекор қилинди, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги бир қатор лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари соддалаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.09.2023 йил кунги ПҚ-292--сонли “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бизнес юритишни соддалаштириш, солиқ юкини камайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизими ва инфратузилма яратиш, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатли ҳимоясини таъминлаш имконини берди.
Жорий йилнинг 18-август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлари натижасида тадбиркорлик соҳасида кўплаб тизимли муаммолар ҳал этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида тадбиркорлардан келиб тушган қарийб 6 мингта мурожаатда кўтарилган тизимли муаммолар бўйича таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш ҳамда очиқ мулоқотда белгиланган устувор вазифаларни бажариш мақсадида, кичик бизнесга янги имкониятлар яратиш; ўрта бизнесни барқарор иқтисодий ўсиш гаровига айлантириш; янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан кириш; юқори даромадли корхоналарни кўпайтириш; содда солиқ маъмуриятчилиги ва бюрократиядан холи қулай муҳит яратиш йўналишларида “йўл харитаси” тасдиқланди.
Мазкур, қарор билан қўшилган қиймат солиғининг салбий суммаси ўрнини қоплашда (қайтаришда) солиқ узилиши (tax gap) коэффициентини қўллаш амалиёти тақиқланди; қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тартиби бекор қилинди, фойда солиғи бўйича ҳар ой бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлик субъектлари даромадининг чегаравий миқдори 5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилди.
2024 йил 1 январдан бошлаб, иқтисодий судлар томонидан солиқ органлари иштирокида кўрилаётган ишлар маъмурий судларга ўтказилди; солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати беш йилдан уч йилга туширилди.
Камерал солиқ текширувини ўтказишда солиқ тўловчининг ҳудудига кириш; солиқ тўловчининг ҳудудини ва биноларини кўздан кечириш; солиқ тўловчидан ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва уни чақиртириш; солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш тақиқланди.
Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилиши, тўлов миқдори кредит мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаганда, маблағларни, биринчи навбатда, мутаносиб равишда муддати ўтган асосий қарз ва фоиз қарздорликларини, иккинчи навбатда жорий тўлов учун ҳисобланган фоизлар ва асосий қарзни, кейинги навбатларда неустойка ва ижро харажатларини қоплашга йўналтириш тартиби ўрнатилиши белгиланди.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори тадбиркорларнинг молиявий аҳволини яхшилашга, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида уларга берилган имтиёздир.
Г.Холматова Қўқон туманлараро иқтисодий судининг судьяси.