Shrift o'lchami Rang Rasm

www.DANGARA.uz


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 27 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди

 2022-11-24 09:14:49    480

PDF yuklash
Chop etish


Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди

 

Жорий йилнинг 8 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат қилаётган 118 минг нафардан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ва улар фаолиятини ягона қоидалар асосида ҳуқуқий тартибга солувчи «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунни имзолади.

Қонун билан қуйидагилар белгиланмоқда:

давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи умумий қоидалар;

давлат фуқаролик хизматини тартибга солишда давлат
органларининг асосий вазифа ва ваколатлари;

давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясининг кафолатлари;

давлат фуқаролик хизматига кириш, уни ўташ ва тугатиш асослари;

давлат фуқаролик хизмати тизимида коррупциянинг олдини олиш чоралари.

Давлат фуқаролик хизмати – давлат хизматининг бир тури бўлиб, фуқароларнинг давлат фуқаролик хизмати лавозимларида, давлат органлари ваколатларини амалга оширишни назарда тутувчи, ҳақ тўланадиган касбий фаолият ҳисобланади.

Давлат фуқаролик хизмати тизими – давлат фуқаролик хизматчиларини марказлаштирилган тарзда танлаб олиш, ҳисобга олиш, жой-жойига қўйиш, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, касбий компетенциясини ошириш ва лавозим бўйича кўтаришнинг ягона ташкилий-ҳуқуқий мажмуидир.

Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реэстри юритилади, Қонун айнан ушбу реэстрга киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига татбиқ этилади.

Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реэстри Президент томонидан тасдиқланади ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан юритилади.

Қонун кимларга татбиқ этилмайди?

Президент;

Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Халқ депутатлари кенгашлари депутатлари;

Парламент палаталари девонлари ходимлари;

Марказий сайлов комиссияси аъзолари;

судьялар ва суд тизими ходимлари;

Марказий банк бошқаруви аъзолари;

прокуратура, ички ишлар, мудофаа, фавқулодда вазиятлар, божхона ва давлат хавфсизлик органлари ва Миллий гвардия хизматчилари;

давлат органлари ва ташкилотларининг техник, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ходимлари.

Давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

давлат фуқаролик хизмати тизимининг ягоналиги ва барқарорлиги;

қонунийлик;

адолатлилик;

халққа хизмат қилиш;

давлат органлари ва мансабдор шахсларининг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

очиқлик ва шаффофлик;

холислик, профессионаллик ва компетентлик;

давлат фуқаролик хизматига киришда фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги;

давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниши.

Қонун билан Президент, Вазирлар Маҳкамаси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари мустаҳкамланди. Бунда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи мақомига эга бўлди.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўз ваколатлари доирасида:

давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

давлат фуқаролик хизмати соҳасида кадрларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришнинг инновацион усулларини жорий этади;

давлат фуқаролик хизматига кадрларни танлов асосида танлашни ташкил қилади;

давлат фуқаролик хизматчиларининг самарадорлигини баҳолаш учун индикаторлар (асосий кўрсаткичлар) тизимини жорий қилади;

давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ишлаши ва ижтимоий ҳимояси учун шарт-шароитлар яратишга кўмаклашади.

Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми – унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари йиғиндиси ҳисобланади.

Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реэстрига киритилган лавозимларда фаолият юритаётган фуқаролар давлат фуқаролик хизматчилари деб юритилади.

Фуқаро давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинланган пайтдан эътиборан давлат фуқаролик хизматчиси ҳуқуқий мақомига эга бўлади ва фаолияти тугатилиши муносабати билан уни йўқотади.

Давлат фуқаролик хизматчиси коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши ва коррупцион ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)нинг олдини олиши шарт. Агарда у коррупция фактлари тўғрисидаги ахборотга эга бўлса, унинг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўриши керак.

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш – давлат фуқаролик хизматчилари ўртасидаги ўзаро аҳлоқий муносабатлар, уларнинг ишчанлик обрўси ва хизматнинг нуфузига путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик), хизмат фаолиятидаги ва хизматдан ташқаридаги хулқ-атворнинг асосий қоидаларига амал қилишни назарда тутади.

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўзининг ички одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлайди, уларга риоя этилмаслик интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Давлат фуқаролик хизматида совғаларга нисбатан муносабатда бўлиш шартлари Қонунда белгиланган. Унга мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчиси (унинг оила аъзолари)га бепул берилган, моддий қимматга эга бўлган мол-мулк ёки беғараз кўрсатилган хизмат совға ҳисобланади.

Ваколатларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан ҳар қандай совғалар олиш тақиқланади.

Сиёсий гуруҳга тааллуқли давлат фуқаролик хизматчиларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тартиби алоҳида қонун ва Президент қарорларида белгиланади.

Бошқарув ва ёрдамчи гуруҳларга тааллуқли лавозимларга танлов (ички ва ташқи) асосида тайинланади ҳамда давлат органи раҳбари томонидан лавозимидан озод қилинади.

Малака даражалари изчил тартибда, олий маълумотга ва муайян иш стажига, малака ошириш курсларини тугатганлиги тўғрисидаги сертификатга, малака комиссиясининг ижобий хулосасига эга бўлган тақдирда берилади.

Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш учун номзодларга жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳуқуқларининг тенглиги кафолатланади.

Давлат фуқаролик хизматини ўташ муддати лавозимга тайинланган пайтдан эътиборан то давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти тугатилган санага қадар бўлган даврни қамраб олади.

Давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан фуқароларга қонунчиликда белгиланган асосларда ва миқдорларда тўланадиган барча турдаги ижтимоий нафақалар татбиқ этилади. Ижтимоий нафақаларни тўлаш давлат бюджетининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ижтимоий муносабатларнинг механизмларини белгилаб берди ва келажакда соҳанинг ривожланишига мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

 

 

Данғара туман

Адлия бўлим бошлиғи

Ш.Тиллаев