Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ТЎҚСОНБОСТИ ЭКИНЛАРИНИ ЭКИБ, ҚЎШИМЧА ДАРОМАДГА ЭГА БЎЛИНГ
2024-09-20 15:36:25 287
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсати аъзоларининг фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгаларига
МУРОЖААТИ
Қадрли юртдошлар!
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар ҳамда томорқа ер эгалари!
Кейинги йилларда ер юзида рўй бераётган иқлим ўзгаришлари, табиий офатлар ва қурғоқчилик каби ҳолатлар озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни қийинлаштиряпти. Албатта, бу ҳолат бизга ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда сўнгги йилларда Сиз, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига Президентимиз томонидан кўплаб Фармон ва қарорлар қабул қилиниб, бунинг натижасида жойларда улкан ютуқларга эришилди.
Жумладан, аграр тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми икки баробар ошди. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамият ижтимоий-иқтисодий ҳолатини барқарор ривожлантириш, фуқароларнинг соғлиги ва ҳаётини яхшилашнинг асосий йўналишларидан бирига айланди.
Янги Ўзбекистоннинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ҳам ушбу соҳани кейинги 5 йилликда жадал ривожлантириш истиқболлари белгилаб берилди. Қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш вазифаси мустаҳкамланди.
Аслида бунинг замирида Сиз ва бизнинг фидойилигимиз орқали мамлакатимизнинг иқтисодиётига ҳисса қўшишдир. Шу муқаддас заминда таваллуд ва тарбия топган, ўзини айнан шу юрт фарзанди деб билгувчи инсон ўз давлати, халқи олдидаги, уни умидлар билан тарбиялаган, вояга етказган жамият олдидаги бурчини адо этиши керакдир.
Ҳиммати баланд деҳқон ва фермерлар ҳамда томорқа ер эгалари!
Мамлакатимиз аҳолисини йил ўн икки ой витаминга бой қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, халқимиз дастурхонига етказиш, бозорларимизда нарх-наво ошиб кетишининг олдини олиш энг асосий вазифамиз эканлигини унутмаслигимиз зарур.
Халқимизда “Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан”, деган пурмаъно нақл бор. Бунда қишнинг тўқсон куни назарда тутилган. Бу нақл бежиз айтилмаган, негаки мутахассисларнинг таъкидлашича, кузда экилиб, қор остида қолдирилган сабзавот экинлари уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради. Эрта баҳорда эса маҳсулотнинг бозори чаққон бўлиши сир эмас.
Деҳқончиликнинг тўқсонбости усули яхшигина даромад манбаи бўлиш билан бирга, аҳолининг эртанги сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондириш имконини беради. Натижада қиш ва баҳор ойларида ҳам бозорларимиз тўкин-сочин, нарх-наво барқарор бўлади.
Келинг, бугундан масъулиятимизни янада ошириб, 2025 йил ҳосили учун 752 минг гектар майдонларда пиёз,саримсоқпиёз ва тўқсонбости экинларини ўз вақтида экишни ташкил этайлик.
Миришкор фермерлар!
Кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларимизда асосий эътиборни сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни фаол жорий этиш, хўжалик ва корхоналарнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, энг муҳими, биз фермерларнинг оғирини енгил қилишга қаратилмоқда.
Ушбу имкониятларни ҳис қилиб, 264 минг гектар боғ-ток орасига ҳамда бўш турган майдонларга пиёз, саримсоқпиёз ва тўқсонбости экинларини экиб, мамлакатимиз аҳолисини арзон маҳсулотлар билан таъминлашга ўз ҳиссангизни қўшинг ҳамда маҳсулотинингизни экспорт қилиб, ҳисоб рақамингизда валюта тушумини қилинг!
Азиз деҳқонлар
Президентимизнинг 2021-2023 йиллардаги қарорларида асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишдаги пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдонларини Сиз деҳқонларга 10-сотихдан 1 гектаргача қилиб бўлиб берилди.
Айнан ушбу майдонлар Сизларга бежизга ажратиб берилмаганлигини исботлаш вақти келди.
Келинг, Сизлар ҳам ўзларингизга юклатилган мажбуриятларни юракдан ҳис қилиб, 113 минг гектар майдонга пиёз, саримсоқпиёз ва тўқсонбости экинларини экиб, 2-3 марта ҳосил олиш тизимини йилга қўйинг, бунинг ҳисобига гектаридан 80-100 млн сўмгача даромад олинг!
“Бир контур - бир дала” тамойили асосида маҳсулот етиштириб, сарфлаган уруғликлар ва кўчатлар учун “Ёшлар ишлари агентлигидан” субсидия маблағлари олинг!
Кооперациялар ташкил этиб, маҳсулотларингизни экспортга чиқариб, қўшимча даромад олишга эришинг!
Ҳурматли томорқа ер эгалари,
Юртимизнинг барча ҳудудида меҳнатидан барака топаётган тажрибали томорқа ер эгалари ва фидойи деҳқонлар кўпчиликни ташкил этади.
Томорқа ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи. Айни вақтда мамлакатимизда 5,3 миллиондан ортиқ томорқа ер эгалари 509 минг гектар унумдор экин майдонида меҳнат қилмоқдасизлар.
Серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, доимо ундан унумли фойдаланиш, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни намунали тарзга келтириш пайида бўлайлик. Бу каби тартиб-таомил асосида улғайган фарзандларимиз ҳам яхши яшашга интилиб, ўз келажаги учун астойдил ҳаракат қилади.
Кўпни кўрган, тажрибали деҳқонларимиз фасллар алмашаётган, ушбу бетакрор куз палласида қандай юмушларни бажариш зарурлигини жуда яхши биламиз. Табиат инжиқликлари билан курашавериб тобланган деҳқонларимиз айни кунларда ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, ундан унумли фойдаланайлик.
Республика бўйича 375 минг гектар томорқангизга пиёз, саримсоқпиёз ва тўқсонбости экинларини экиб, қўшимча даромадга эга бўлинг!
Азиз миришкор деҳқон ва фермерлар ҳамда томорқа ер эгалари,
Қуйидаги тадбирларни оғишмай амалга оширинг!
биринчидан, айни дамларда боғ-ток орасини, ажратиб берилган майдонимизни ҳамда ўз ҳовлимиз, томорқаларимизни тартибга келтиришимиз жуда муҳим. Мевали дарахтларга, экинларга турли зараркунандаларга қарши ишлов беришни ўз вақтида бажаринг;
иккинчидан, куз ойининг қулай об-ҳавосида қисқа муддатларда бир қарич ҳам еримизни бўш қолдирмаслик учун қисқа муддатда ҳайдовни якунланг;
учинчидан, кузда совуқ ва намгарчилик бошланмасдан олдин тўқсонбости усулида экиш учун совуққа чидамли сабзавот экинларидан сабзи, пиёз, ош лавлаги, карам, кўкат сабзавотлар (исмалоқ, укроп, петрушка, сельдерей, кашнич, салат) экинларининг уруғлари сепиб экиб бўлинг;
тўртинчидан, “Томорқа – даромад манбаи” шиори остида ҳар бир маҳалларда саримсоқпиёз ва тўқсонбости экинлар экишни ташкил этинг;
бешинчидан, “Бир контур – бир маҳсулот” ҳамда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойиллари асосида саримсоқпиёз ва тўқсонбости экинларини экинг.
Азиз юртдошлар, ҳурматли деҳқон ва фермерлар ҳамда томорқа ер эгалари далаларимизда ва томорқаларимизда етиштирилаётган сабзавот ва полиз ҳамда тўқсонбости маҳсулотлари билан халқимиз дастурхони тўкин, ҳаёти фаровон, бозорларимизда арзончилик бўлишини таъминлаш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир! Барчани бу бурчни соф виждон билан адо этишга чақирамиз!
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсат аъзолари |