Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш.
2024-06-06 13:21:19 475
Кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини ошириш доирасида камбағалликни қисқартириш ҳамда кам таъминланган оилалар аъзолари бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора‑тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида 02.04.2024 йил куни Ўзбекистон Республикасининг 923-сонли қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 482-моддаси қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи ва ўн учинчи қисмлар билан тўлдирилди:
“Ҳамкорлик шартномалари”га асосан “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларига (бундан Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари мустасно) ушбу Кодекс 17-моддаси биринчи қисмининг 2, 3 (бундан тўлов манбаидан олинадиган фойда солиғи мустасно) ва 5 — 9-бандларида кўрсатилган солиқларни ҳамда айланмадан олинадиган солиқни ушбу субъектлар яратган янги иш ўринлари сонига қараб қуйидаги муддатларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади:
51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда — уч ойгача;
101 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда — олти ойгача;
200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилганда — ўн икки ойгача.
Ушбу модданинг ўн иккинчи қисмида кўрсатилган солиқлар бўйича бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти:
“20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларининг аризасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси томонидан;
ушбу Кодекснинг 13-бобида назарда тутилган мол-мулк гарови, кафиллик ёхуд банк кафолати таъминотисиз ушбу Кодекснинг 100-моддасида назарда тутилган фоизлар ҳисобланмаган ҳолда, шунингдек молиявий ҳолат таҳлил қилинмаган ва ушбу Кодекс 101-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолда (бундан ушбу Кодекс 98-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно) берилади»;
Шунингдек, 483-моддаси қуйидаги мазмундаги қирқ олтинчи, қирқ еттинчи ва қирқ саккизинчи қисмлар билан тўлдирилди:
“20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастурига киритилган тадбиркорлик субъектлари юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини 2025 йил 1 январга қадар қуйидаги миқдорда пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди:
51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда — белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи;
101 дан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда — белгиланган солиқ ставкасининг 75 фоизи;
200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилганда — ушбу солиқларни тўлашдан озод этилади.
Ушбу модданинг қирқ олтинчи қисмида назарда тутилган имтиёзлар “ҳамкорлик шартномалари»га асосан “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларига (бундан Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари мустасно) улар бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда берилади:
“Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестри”га киритилган фуқаролар ишга қабул қилинганда ва камида бир йил давомида уларга ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақи тўланган ҳолда, уларнинг бандлиги таъминланганда;
ушбу фуқаролар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда.
“Ҳамкорлик шартномалари” бўйича мажбуриятлар тадбиркорлик субъектлари томонидан бажарилмаган тақдирда, ушбу модданинг қирқ олтинчи қисмида назарда тутилган солиқ имтиёзларининг амал қилиши солиқ имтиёзларини қўллашнинг бутун даври учун бекор қилиниб, ушбу солиқларни тўлашга доир мажбуриятлар тикланади”.
Ушбу Қонун аҳоли бандлигининг ўсишига, камбағалликни қисқартиришга ҳамда кам таъминланган оилалар аъзоларини ишга қабул қилишда тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Шу билан бирга солиқ имтиёзлари ва преференциялар, хусусан, солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ҳамда пасайтирилган солиқ ставкаларини белгилаш орқали тадбиркорлик субъектларини камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларга фаол жалб қилиш имконини беради.
Холматова Гулчеҳра
Қўқон туманлараро иқтисодий
судининг судьяси.