Shrift o'lchami Rang Rasm

www.DANGARA.uz


<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 29 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


Халқимиз конституциявий ислоҳотлардан катта ўзгаришлар кутмоқда.

×

 2023-03-24 17:57:41    309

PDF yuklash
Chop etish


Халқимиз конституциявий ислоҳотлардан катта ўзгаришлар кутмоқда. Лойиҳа бўйича ўтказилган умумхалқ муҳокамаси жараёнида аҳолидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги ҳам фуқароларимиз ушбу масалага жуда катта қизиқиш ва эътибор билан ёндашганлигидан яққол далолат беради.

Конституциявий қонун лойиҳаси устида ишлашда сенаторларимиз ҳам фаол иштирок этдилар. Хусусан, 19 нафар сенаторларимиз Конституциявий комиссия таркибида Конституциявий қонун лойиҳаси устидаги ишларда бевосита қатнашдилар.

Хабарингиз бор, Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида, етук олимлар, жамоатчилик, халқаро ва хорижий экспертлар иштирокидаги муҳокамаларда ҳар томонлама таҳлил қилинди ва маромига етказилди.

Хусусан, лойиҳани тайёрлашда ва такомиллаштиришда 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин мамлакатлар конституциялари пухта ўрганилди, халқаро эксперт ва мутахассислар иштирокида бир неча бор муҳокама қилинди, шунингдек, республиканинг турли ҳудудларида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида жами 20 мингга яқин муҳокамалар ташкил этилди.

Лойиҳа 10 га яқин хорижий ва халқаро экспертизалардан, шу жумладан, лингвистик, юридик, гендер-ҳуқуқий, коррупцияга қарши, жамоатчилик ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан экспертизалардан ўтказилди. Халқаро экспертлар ҳам лойиҳа халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган барча қоидаларини ўзида мужассам этганлигини эътироф этдилар.

Жорий йил 10 - мартида Қонунчилик палатаси мажлиси ўтказилиб, унда Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумни тайинлаш ва уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қарорда унинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш учун уни Конституциявий судига юбориш ҳам белгиланган эди.

Шунга мувофиқ, Конституциявий суд жорий йил 13 март куни ўз мажлисини ўтказиб, юқоридаги қарорни Конституцияга мувофиқ деб топди. “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонуннинг 13 ва 14-моддаларига мувофиқ, бугун Конституциявий қонун лойиҳаси Сенатда кўрилмоқда.

Шу ўринда Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва энг асосий, муҳим жиҳатларига қисқача тўхталиб ўтсам.

Лойиҳада мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолатлар ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланмоқда.

Бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан хеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.

Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари жиддий равишда кучайтирилмоқда.

Лойиҳага асосан инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Инсонннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунлар, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.

Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Бу нормалар ҳуқуқни қўллаш фаолиятида инсон манфаатлари устувор бўлишини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эгалиги, қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши, Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.

Жиноят процессида инсон ҳуқуқлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда. Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”) белгиланмоқда.

Ушбу ҳуқуқий кафолатлар инсон ҳуқуқларини муҳофазасини кучайтириш соҳасидаги ишларни мутлақо янги босқичга олиб чиқади ҳамда уларни давлат органларининг суистеъмолликларидан ишончли ҳимоя қилади, шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.

Шу билан бирга, Конституция лойиҳасида ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички имкониятлардан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги белгилаб берилмоқда.

Мазкур Конституция ҳақиқатдан ҳам Халқ Конституцияси бўлаяпти. Унда аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан аёллар, нуронийлар, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар, хориждаги ватандошларимиз, ҳаттоки маҳкумлар– барча барчасини ҳуқуқ ва манфаатлари ҳисобга олинмоқда.

Таълим-тарбия тизими ва имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда – илк маротаба таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилиши, олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиш имконияти берилиши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши ҳамда, энг муҳими, азиз ўқитувчиларимиз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши белгиланмоқда. Ушбу нормалар тараққиётимиз учун муҳим омил бўлган илм-фан ва таълимни ривожлантириш, ёшларимизнинг билим олишлари учун янада кенг имкониятлар яратишда жиддий туртки бўлади.

Рақобатбардош миллий иқтисодиётнинг таянчи сифатида тадбиркорлик фаолияти кафолатлари мустаҳкамланмоқда, хусусий мулк доираси кенгайтирилиб, унинг дахлсизлигини амалда тўлақонли таъминлаш, адолатли солиқ тизимини йўлга қўйиш, монопол фаолиятни чеклаш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асос яратилмоқда. Ушбу нормаларнинг киритилиши рақобатни ривожлантиришга, ишлаб чиқариш самарадорлигини ортишига, товар ва хизматлар нархини асоссиз ошмасликка йўл қўймасликни таъминлашга хизмат қилади.

Лойиҳада бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан бири – экология масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Ҳар кимни қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги аниқ ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.

Ҳурматли сенаторлар ва йиғилиш қатнашчилари!

Янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш ва бугунги кун талабларига мослаштириш масалалари ҳам ўрин олган.

Хусусан, лойиҳада давлат ҳокимиятининг бир қатор лавозимларига нисбатан айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ ушбу лавозимга сайланиши (тайинланиши) мумкин эмаслигига оид демократик қоида киритилмоқда.

Булар: Қонунчилик палатаси Спикери; Сенат Раиси; вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг раиси; ҳоким; Олий суднинг раиси ва раис ўринбосари; Судьялар олий кенгашининг раиси ва раис ўринбосари; Марказий сайлов комиссиянинг раиси; Бош прокурор лавозимларидир.

Мана шу юқорида санаб ўтилган лавозимдаги мансабдор шахслар сурункасига икки муддатдан ортиқ айнан бир лавозимда бўлмайди.

Айни пайтда, Конституциявий қонун лойиҳасининг 7-моддасида ушбу Конституциявий Қонуннинг давлат ҳокимияти мансабдор шахсларининг ваколат муддатлари, сайланиш (тайинланиш) тартиби
ва (ёки) шартларини ўзгартирувчи ва (ёки) бошқача тарзда таъсир қилувчи қоидалари ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган пайтда мазкур лавозимларни эгаллаб турган шахсларга нисбатан қўлланилиши ва ушбу шахслар мазкур Конституциявий Қонун кучга кирган пайтда кўрсатилган лавозимларни эгаллаганлиги ва (ёки) эгаллаб келаётганлигининг сурункали муддатлари сонидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасининг бошқа фуқаролари билан тенг равишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, шу жумладан ушбу Конституциявий Қонуннинг таҳриридаги, талабларига мувофиқ ушбу лавозимларга сайланиш (тайинланиш) ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда.

Яъни, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида сайлаш (тайинлаш) тартиби ва (ёки) муддати ўзгараётган барча давлат ҳокимияти мансабдор шахсларига бу қоида тегишли.

Шунингдек, Конституциявий қонун лойиҳасида парламент ваколатларини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, агар амалдаги Конституция бўйича Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 та бўлган бўлса, лойиҳага асосан уларнинг сони 12 та бўлмоқда. Сенатнинг мутлақ ваколатлари амалдаги 14 тадан 18 тага ошмоқда. Президентнинг ижро ва суд ҳокимияти тизимини шакллантириш соҳасидаги амалдаги айрим ваколатлари парламентга берилмоқда.

Ушбу нормалар ҳокимият органлари масъулият чегарасини аниқ белгилашга, ўзаро ҳамкорлик механизмларини оптималлаштиришга, фаолияти самарадорлигини оширишга ҳамда парламентнинг бугунги даврга мос, том маънода халқчил органга айланишига хизмат қилади.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича йиллик миллий маърузани эшитиш, давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш, парламент текширувини амалга ошириш каби муҳим ваколатлар палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига киритилмоқда. Таъкидлаш лозимки, парламент текшируви – бу халқ текшируви, мазкур парламент назорати шаклини Конституцияда алоҳида мустаҳкамлаб қўйиш, унинг самарадорлигини янада оширади.

Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталари фаолиятидаги ўзаро такрорланишлар бартараф этилмоқда. Хусусан, Бош вазир ва Ҳукумат аъзолари ҳисоботларини эшитиш, Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатаси раисининг ҳисоботини эшитиш каби муҳим ваколатлар бевосита Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари этиб белгиланмоқда.

Сенат ваколатига эса, коррупцияга қарши курашиш ва монополияга қарши органлари раҳбарларини сайлаш, Бош прокурор, Ҳисоб палатаси раиси лавозимларига номзодларни маъқуллаш, элчиларимизнинг ҳисоботларини эшитиш каби ваколатларнинг киритилиши Сенатнинг назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилуви органлар устидан назорат ваколатларини сезиларли даражада кучайтиради.

Махсус хизматлар устидан Сенат ваколатини кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига Президент томонидан тавсия этилган номзод бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш ва шундан сўнг номзодни Президент томонидан тайинлаш тартиби ўрнатилмоқда.

Бундан ташқари, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизимини киритиш таклифи киритилмоқда.

Ушбу барча таклифлар Қонунчилик палатаси ва Сенат орасида масъул соҳаларни белгилаб олиш, икки палата ўртасида вазифа ва функцияларда такрорланишларга йўл қўймаслик заруриятидан келиб чиқмоқда.

Бундан ташқари, Сенатга Президентнинг вазирликлар ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузиш ҳамда тутатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ваколати берилмоқда. Амалдаги таҳрирда мазкур ваколат Қонунчилик палатаси билан бирга амалга оширилади.

Ҳурматли сенаторлар, эътиборингизни Сенатнинг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиш каби муҳим ваколати ҳам Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилаётганлигига қаратмоқчиман.

Ушбу норма маҳаллий кенгашларга ҳокимнинг раислик қилишига оид тартиб бекор қилинаётган янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитда улар фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, Сенатнинг ҳудудлар манфаатларини ифодалайдиган орган сифатида маҳаллий Кенгашлар халқчил бўлиши учун масъулиятини оширади.

Сенатга қонунчиликка оид таклифларни қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи берилаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Ушбу ваколат Сенат томонидан қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолияти ҳамда фуқаролар билан мулоқот натижалари бўйича қонунларда аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклифларни қуйи палатага киритиш имконини беради. Бу эса, шубҳасиз Сенатнинг халқни қийнаётган муаммоли масалаларнинг қонуний ечимини ҳал этиш бўйича фаолияти натижадорлигини оширади.

Мазкур йўналишдаги яна бир концептуал ўзгаришлардан бири бу – Сенат таркибини ихчамлаштириш орқали унинг фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида сенаторлар сони амалдаги 100 тадан 65 тага ўзгараётганлигидир. Бунда Сенатни шакллантиришнинг амалдаги тартиби, шу жумладан, жойлардан тенг вакиллик сақлаб қолинади. Ушбу норма Олий Мажлис Сенати фаолиятини мамлакатимизда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар моҳиятига монанд тарзда модернизациялаш имконини беради.

Яна бир муҳим масала. Конституциявий қонунга мувофиқ, илғор хорижий тажриба инобатга олиниб, Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш ваколати Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига ўтказилмоқда. Бош вазир номзодини Қонунчилик палатасига тақдим қилишдан олдин Президент томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш тартиби жорий этилмоқда. Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин Президент Бош вазирни лавозимга тайинлайди.

Амалдаги тартибга кўра, Бош вазир номзодини кўриб чиқиш фақат Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп овоз олган партия ёки партиялар иродасига боғланган эди. Янги таклиф этилаётган тартиб орқали эса барча сиёсий партиялар фракцияларининг нафақат Бош вазир номзодини кўриб чиқишда, балки бутун Ҳукуматни шакллантиришдаги иштироки таъминланади. Бу жуда ҳам муҳим, деб ҳисоблайман, чунки, ҳар бир сиёсий партия ўз тимсолида миллионлаб фуқароларимизнинг хоҳиш-истакларини ифода этадиган сиёсий куч ҳисобланади. Олий Мажлисдаги барча сиёсий партиялар мазкур жараёнда иштирок эса, шубҳасиз, бу борадаги қоидаларга янада демократик мазмун бахш этади.

Кўриб турганимиздек, Олий Мажлис фаолияти тубдан трансформация қилинмоқда. Бунда, ушбу янги ваколатлар ва тартиботлар қачондан бошлаб ишлай бошлайди деган савол туғулиши мумкин.

Конституцявий қонун лойиҳасининг 5-моддасида амалдаги чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати ўз фаолиятини янгиланаётган Конституцияда белгиланган ваколатларга мувофиқ, ушбу Конституция кучга кирган пайтдан эътиборан амалга ошириши белгиланмоқда. Сенат аъзоларининг сонини белгиловчи янги нормалар эса, 2024 йилда навбатдаги чақириқдаги Сенат шакллантирилиши бошланган пайтдан эътиборан амалга киритилиши назарда тутилмоқда.

Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институтини тугатиш тўғрисидаги норма ҳокимият ваколатларини бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга ва ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга, ҳокимликлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Содда қилиб айтганда, эндиликда вилоят ва туман (шаҳар)да халқ сайлаган депутатлар ҳоким фаолиятини бевосита ва холисона назорат қилиш имкониятига эга бўлади. Энди ҳудудда ижро ҳокимиятига ҳокимлар, вакиллик органига ҳокимдан мустақил бўлган маҳаллий Кенгашлар раислари раҳбарлик қилишади. Ҳоким маҳаллий Кенгаш олдида ҳисобот бериши эса энди бошқача амалий аҳамият касб этади, ҳокимларга янги, улкан масъулият юклайди.

Шу билан бирга, тегишли норматив-ҳуқуқий базани тайёрлаш, жойлардаги давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижро ҳокимияти органларининг фаолиятида узлуксизликни таъминлаш мақсадида Конституциявий қонун лойиҳанинг 6-моддасида, Кенгашлар раиси ва ҳоким лавозимларининг бир-биридан ажралиши – Тошкент шаҳар ва вилоятларнинг давлат ҳокимияти вакиллик ва ижро органларига нисбатан 2024 йилдаги навбатдаги вакиллик органларига сайлов натижалари бўйича, туман ва шаҳарнинг давлат ҳокимияти вакиллик ва ижро органларига нисбатан 2026 йил 1 январдан қўлланилиши белгиланмоқда.

Эътиборларингизни яна битта масалага қаратмоқчиман. Қонунчилик палатаси қабул қилган қарорда Конституциявий қонун лойиҳаси билан Конституция янги таҳрирда қабул қилиниши белгиланмоқда. Даставвал, умумхалқ муҳокамасига чиқарганимизда Конституциямизга 6 та янги модда таклиф этилган бўлса, бугунги кунда қарийб 5 баравар кўп, яъни
27 та
янги модда таклиф этиляпти.

Амалдаги Конституциянинг моддалари 128 тадан 155 тага кўпаймоқда, нормалари 275 тадан 434 тага, яъни қарийб 65 фоига ошди. Лўнда қилиб айтганда бугун биз кўриб чиқаётган Конституция лойиҳаси ҳам мазмунан, ҳам шаклан янгиланмоқда.

Қолаверса, Конституциянинг аксарият нормалари концептуал жиҳатдан ўзгармоқда, шу жумладан, давлат ҳокимиятини ташкил этиш, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият тармоқларининг мақоми, ўзаро муносабатлари такомиллашмоқда. Давлат ҳокимияти олий органлари ўртасидаги баланс, мувозанат сезиларли даражада, шу жумладан, кўпроқ парламент фойдасига ўзгармоқда.

Конституцияга концептуал аҳамиятга эга кўплаб янги ўзгартиришлар киритилаётганлигини инобатга оладиган бўлсак, Конституциямизни янги таҳрирда қабул қилишимиз юридик жиҳатдан ҳам, мантиқий жиҳатдан ҳам тўғри қарор ҳисобланади.

Энг муҳими, ушбу барча масалалар референдумга, яъни халқимиз муҳокамасига, ҳукмига чиқарилмоқда. Тарихимизда илк маротаба Конституциянинг қабул қилиниши бевосита халқимизнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлади. Халқ овоз берганидан кейин қўшимча ҳужжатлар қабул қилиниши шарт эмас, Парламентда муҳокамадан ўтиши ва Президент томонидан имзоланиш зарурати ҳам йўқ.

Янги таҳрирдаги Конституция бевосита халқ томонидан қабул қилиниб, тўғридан-тўғри амалга киритиладиган биринчи ҳужжат бўлади. Бунинг энг аҳамиятли томони, барчанинг овози бир хил мақомга ва кучга эга эканлигида. Яъни ёшу-қарининг танлови ва фикри аҳамиятли ва ҳал қилувчи бўлади.

                                                                     Сотволидиев Хаётбек

                                                                     Жиноят ишлари бўйича

                                                                     Данғара туман судининг раиси