Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Инсон ҳуқуқлари-энг олий қадрият!
2019-08-30 16:10:01 1795
Инсон ҳуқуқлари-энг олий қадрият!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5415-сон Фармонига асосан, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар ва мониторинглар асосида аниқлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш адлия органлари фаолиятининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлашда адлия органлари томонидан бир қатор эътиборга молик ишлар амалга ошириб, келиниб, асосий эътибор фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар асосида ҳал қилишга эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрири 2017 йил 11 сентябрь куни амалга киритилган.
Мазкур Қонуннинг мақсади давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Жумладан, жорий йилнинг 1 август ҳолатига Данғара туман адлия бўлимига инсон ҳуқуқлари соҳасида 102 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилиши натижасида улардан 97 таси ёки 95,1 фоизи қаноатлантирилган, 5 таси бўйича зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Масалан, “Тоза ҳудуд” ДУК Данғара филиалида ўтказилган сайёр қабул жараёнида, корхонанинг 30 нафар ишчиси 2019 йилнинг июнь ойи иш ҳақини олмаганликлари аниқланиб, олинган мурожаатлар бўйича ФИБ Қўқон туманлараро судига 30 нафар ишчи ходимларнинг манфаатини кўзлаб даъво аризалари киритилиши таъминланиб, мурожаатлар қаноатлантирилишига эришилди.
Маълумки, иш ҳақидан асоссиз равишда ушлаб қолишга йўл қўйилмаслиги қонунда белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 164-моддасига кўра умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, — суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.
Ходимнинг розилигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасида белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун, суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун, иш ҳақи ҳисобига берилган авансни ушлаб қолиш учун, хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига ёки бошқа жойдаги ишга ўтганлиги муносабати билан берилган бўлиб, сарф қилинмай қолган ва ўз вақтида қайтарилмаган авансни ушлаб қолиш учун ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар натижасида ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш учун, ҳисобидан ходим таътил олиб бўлган иш йили тугамасдан туриб меҳнат шартномаси бекор қилинганда, — таътилнинг ишланмаган даврга тегишли кунлари учун, ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса, меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади.
Коммунал тўловлар бўйича вужудга келган қарздорликлар фақатгина ходимнинг розилиги ёки суд қарори билан меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади.
Мақоламиз сўнггида агарда Сиз ўз ҳуқуқ ва эркинликларингиз бузилмоқда ва уларга риоя этилмаяпти деб ҳисобласангиз бевосита туман адлия бўлимининг 572-13-52 рақамли телефонига мурожаат қилишингиз мумкин. Унутманг инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш адлия органларининг устувор вазифасидир.
Данғара туман адлия бўлими
бошлиғи М.А.Ҳайдаров