Шрифт ўлчами Ранг Расм

www.DANGARA.uz


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 19 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ ЭЛЕКТРОН ҲУЖЖАТ АЙЛАНИШИ ТЎҒРИСИДА

 2017-09-30 14:22:11    3996

PDF юклаш
Чоп этиш


(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 20-сон, 230-модда)

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади электрон ҳужжат айланиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Электрон ҳужжат айланиши соҳасидаги давлат сиёсати

Электрон ҳужжат айланиши соҳасидаги давлат сиёсати электрон ҳужжат айланиши кенг қўлланилишини таъминлашга, электрон ҳужжат айланиши иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, электрон ҳужжатдан фойдаланиш стандартлари, нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқишга қаратилган.

[СПиТ:

1.Электрон тижорат (имзо). Электрон ҳужжат алмашинуви / Электрон ҳужжат айланиши]

4-модда. Электрон ҳужжат айланиши

Электрон ҳужжат айланиши электрон ҳужжатларни ахборот тизими орқали жўнатиш ва қабул қилиб олиш жараёнлари йиғиндисидан иборат бўлади.

Электрон ҳужжат айланишидан битимлар тузиш (шу жумладан шартномалар тузиш), ҳисоб-китобларни, расмий ва норасмий ёзишмаларни амалга ошириш ҳамда бошқа ахборотни узатишда фойдаланиш мумкин.

5-модда. Электрон ҳужжат

[СПиТ:

1.Электрон тижорат (имзо). Электрон ҳужжат алмашинуви / Электрон ҳужжат]

Электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган ахборот электрон ҳужжатдир.

Электрон ҳужжат техника воситаларидан ва ахборот тизимлари хизматларидан ҳамда ахборот технологияларидан фойдаланилган ҳолда яратилади, ишлов берилади ва сақланади.

Электрон ҳужжат электрон ҳужжат айланиши иштирокчиларининг мазкур ҳужжатни идрок этиш имкониятини инобатга олган ҳолда яратилиши керак.

[ОКОЗ:

1.12.00.00.00 Ахборот ва ахборотлаштириш / 12.05.00.00 Иш юритиш (штамплар, бланкалар)]

6-модда. Электрон ҳужжатнинг реквизитлари

Электрон ҳужжатнинг мажбурий реквизитлари қуйидагилардан иборат:

электрон рақамли имзо;

электрон ҳужжатни жўнатувчи юридик шахснинг номи ёки электрон ҳужжатни жўнатувчи жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

электрон ҳужжатни жўнатувчининг почта ва электрон манзили;

ҳужжат яратилган сана.

Қонун ҳужжатларида ёки электрон ҳужжат айланиши иштирокчиларининг келишуви билан электрон ҳужжатнинг бошқа реквизитлари ҳам белгиланиши мумкин.

7-модда. Электрон ҳужжатнинг юридик кучи

Электрон ҳужжат қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлади.

8-модда. Электрон ҳужжатнинг асл нусхаси

Электрон ҳужжатнинг бир хил ҳар қайси айнан нусхаси, башарти у белгиланган тартибда ҳақиқий деб тасдиқланган бўлса, асл нусхадир.

9-модда. Электрон ҳужжатнинг қоғоз нусхаси

Электрон ҳужжатнинг қоғоз нусхаси бўлиши мумкин.

Электрон ҳужжатнинг қоғоз нусхаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади ва сақланади.

10-модда. Электрон ҳужжат айланишининг иштирокчилари

Электрон ҳужжатни жўнатувчи ва электрон ҳужжатни қабул қилиб олувчи электрон ҳужжат айланишининг иштирокчиларидир.

Электрон ҳужжат айланишида ахборот воситачилари ҳам иштирок этишлари мумкин.

11-модда. Электрон ҳужжатни жўнатувчи

Электрон ҳужжат реквизитларида номи кўрсатилган ҳамда электрон ҳужжатни қабул қилиб олувчига электрон ҳужжатни жўнатаётган юридик ёки жисмоний шахс электрон ҳужжатни жўнатувчидир.

12-модда. Электрон ҳужжатни қабул қилиб олувчи

Электрон ҳужжатни жўнатувчи томонидан электрон ҳужжат қайси юридик ёки жисмоний шахсга йўлланган бўлса, шу шахс электрон ҳужжатни қабул қилиб олувчидир.

13-модда. Ахборот воситачиси

[СПиТ:

1.Электрон тижорат (имзо). Электрон ҳужжат алмашинуви / Ахборот воситачиси]

Электрон ҳужжат айланиши билан боғлиқ хизматларни шартнома асосида кўрсатувчи юридик ёки жисмоний шахс ахборот воситачисидир.

Ахборот воситачиси, агар электрон ҳужжат айланишининг иштирокчилари билан тузилган шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, электрон ҳужжатлар мазмунини ёки улардан фойдаланиш тартибини ўзгартиришга ҳақли эмас.

14-модда. Электрон ҳужжатни жўнатиш

Электрон ҳужжат, агар у бевосита электрон ҳужжатни жўнатувчи ёки унинг ахборот воситачиси томонидан жўнатилган бўлса, жўнатилган деб ҳисобланади.

Агар қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, электрон ҳужжатни жўнатувчи томонидан унинг бекор қилиниши мумкин бўлмаган жўнатилиш вақти электрон ҳужжатни жўнатиш вақти деб ҳисобланади.

15-модда. Электрон ҳужжатни қабул қилиб олиш

Агар қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса:

электрон ҳужжатни қабул қилиб олувчи томонидан кўрсатилган ахборот тизими орқали электрон манзил бўйича электрон ҳужжат келиб тушган вақт электрон ҳужжат қабул қилиб олинган вақт деб ҳисобланади;

электрон ҳужжат, агар электрон ҳужжатнинг қабул қилиб олинишини таъминлаган ахборот тизими ҳатто бошқа ерда жойлашган бўлса ҳам, электрон ҳужжатни қабул қилиб олувчи турган жойда қабул қилиб олинган деб ҳисобланади.

16-модда. Электрон ҳужжатларни сақлаш

Электрон ҳужжатлар электрон ҳужжат айланиши иштирокчилари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланиши керак.

Электрон ҳужжатларни сақлаш чоғида улардан эркин фойдаланиш ва уларнинг қоғоз нусхаларини тақдим этиш имконияти таъминланиши лозим.

Электрон ҳужжатни сақлаш муддати, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шунга ўхшаш мақсадга мўлжалланган қоғоз ҳужжат учун белгиланган муддатдан кам бўлмаслиги керак.

17-модда. Электрон ҳужжат айланишида электрон ҳужжатларни муҳофаза қилиш

Электрон ҳужжат айланишида электрон ҳужжатларни муҳофаза қилиш электрон ҳужжат айланишининг иштирокчиларига ёки бошқа юридик ва жисмоний шахсларга зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

18-модда. Низоларни ҳал этиш

Электрон ҳужжат айланиши соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

19-модда. Электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2004 йил 29 апрель,

611-II-сон