Shrift o'lchami Rang Rasm

www.DANGARA.uz


<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 6 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


Одам савдоси ёхуд эркинликни сотилиши

×

 2019-12-11 17:23:59    1216

PDF yuklash
Chop etish


Одам савдоси ёхуд эркинликни сотилиши

Барчангизки маълумки, сўнгги вақтларда одам савдоси бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга ва инсонлар ҳаётига таҳдид солаётган жиддий муаммога айланган. Унинг кўлами кундан кунга кенгайиб, ортиб бормоқда.

Фуқароларнинг чет элларга ноқонуний равишда чиқиб кетишлари, уларнинг норасмий йўллар билан фирибгар воситачилар ёрдамида иш топиб, қалбаки ҳужжатлар расмийлаштириши, номаълум одамларга паспорт ва бошқа ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини топшириб қўйишлари уларнинг том маънода қулга айланиб қолишларига сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга, фуқароларни чет элларда бўлиш даврида яшаб ва ишлаб турган мамлакат қонунчилиги, меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида амал қилиниши лозим бўлган қоидаларни билмасликлари аянчли оқибатларга олиб келмоқда. Айниқса фуқароларни борган давлат тилини билмаслиги, муайян касб ва малакага эга бўлмаслиги, аксарият одамларнинг ўз ҳаққини талаб қила олмаслиги оғир меҳнат шароитларида қул сифатида эксплуатация қилинишларига олиб келмоқда.

Одам савдоси – бу одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, уларни қул сифатида эксплуатация қилиш, ҳарбий тўқнашувларга жалб этиш, аёлларни уларнинг ҳоҳиш-иродасига қарши равишда фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбур қилиш, норасида гўдакларни турли мақсадларда, жумладан уларнинг аъзолари ва тўқималарини олиш мақсадида ўзга давлатларга олиб чиқиб кетиб сотиш каби кўринишларда намоён бўлмоқда.

Уюшган жиноятчи гуруҳлар ва ғаразли мақсадларни кўзловчи шахслар ўз манфаатларини кўзлаб,  мўмай даромад олиш йўлида ҳар қандай қабиҳликка қўл урмоқдалар. Ушбу жиноят хавфлилик даражасига кўра наркотик ва қурол-яроғларнинг ноқонуний савдосидан кейинги ўринни эгаллаши ачинарли ҳолдир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотига кўра

  • бугунги кунга қадар дунё бўйича 27 миллион одам қуллик занжирига тушган.
  • уларнинг 90 фоизидан кўпроғини аёллар ва болалар ташкил этади
  • ҳар йили 2 700 000 га яқин одам бу савдодан жабрланади.
  • одамлар 127 та давлатдан 137 та давлатга жалб қилинади. 
  • Уюшган жиноий гуруҳлар ва алоҳида шахсларнинг одам савдосидан оладиган умумий йиллик даромади 7 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Булар фақатгина БМТ томонидан оммалаштирилган расмий маълумотларда келтирилган фактлар. Рўйхатга олинмаган ёки изсиз йўқолган жабрдийдалар сони қанчалиги кўпчилик учун номаълум.     

Одам савдосига қарши кураш самарадорлигини ошириш йўлида барча давлатлар томонидан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилишига халқаро ҳамжамият алоҳида эътибор қаратмоқда.

Умумжаҳон ҳамжамияти - БМТ Миллатлар Лигаси илк фаолиятини одам савдоси, яъни қулликка қарши хусусан, қулликнинг бир қатор кўринишлари бўлган инсонни ўз ҳохишисиз оғир меҳнатга жалб қилиш, болаларни сотиш, болалар меҳнатини  эксплутация қилиш, аёлларга нисбатан фоҳишаликни тарғиб қилиш ва шу мақсадларда учинчи шахсларга аёлларни сотиш муаммоларига чек қўйишдан бошлаган эди.

Миллатлар Лигаси томонидан 1926 йил 25 сентябрда қабул қилинган “Қуллик тўғрисида”ги Конвенция ушбу соҳада дастлабки муҳим ҳалқаро ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

  • Бундан ташқари, БМТ томонидан 1949 йил 2 декабрда “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида”ги;
  • 1957 йил 25 июнда “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги;
  • 1979 йил 18 декабрда “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенсия;
  • 1989 йил 20 ноябрдаги “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция;
  • 2000 йил 5 ноябрда “Трансмиллий  уюшган жиноятчиликка қарши” Конвенсиялар қабул қилинган;

Озодлик ҳар бир шахснинг ҳуқуқи, инсон шахсиятининг бўлинмас қиймати ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, унга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”, -деб белгилаб қўйилган.

Айнан шу принципларга амал қилган ҳолда мамлакатимизда, хусусан шахсан Президентимизнинг ташаббуси ва саъйи ҳаракатлари билан ушбу иллат, унинг мудҳиш оқибатларининг олдини олиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги 154-сонли Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги 911-сонли Қарори бунга ёрқин мисол бўла олади. 

Мазкур Қонун ва Президентимизнинг Қарорларини бажариш мақсадида одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам  кўрсатиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. “Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика Идоралараро комиссияси” тузилди.

Умуман олганда ушбу фаолиятга нафақат давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, балки республикамизнинг ҳар бир фуқароси, фуқароларни ўз-ўзини бошқариш органлари жалб этилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, барчамизнинг олдимизда турган муҳим вазифалардан бири “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг ва Президентимиз Қарорининг моҳиятини англаб, қўйилган мақсадларга эришишнинг танланган стратегиясини чуқур тушуниб, унга тўғри баҳо беришдан иборат.

Одам савдосига қарши курашишда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида ушбу иллатнинг хавфи ва оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориш, фуқароларни бу борадаги вазиятдан огоҳ этиш ҳамда хабардорлигини таъминлаш муҳим ахамият касб этади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, хорижда ноқонуний равишда ишлаш аввало одам савдосига, одамларнинг қулга айланишига, уларнинг хақ-хуқуқлари поймол қилинишига ҳамда ижтимоий ҳимоядан маҳрум бўлишига олиб келади.

Бунинг натижасида одам савдоси қурбонларининг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилади, соғлиғига жиддий зарар етади. Қуллик кўпинча одамларнинг шахсни тасдиқловчи хужжатларини фирибгар шахсларга топшириб қўйишидан бошланади. Оқибатда у бегона юртда хеч кимга арз қилолмай нажотсиз қолади.

Ўз хоҳиш иродасига қарши иш берувчи буюрган ишларни бажаради ва аянчли ҳолатларга тушиб қолади. Бу каби ҳолатлар айрим ҳолларда фуқаронинг ўлими билан якунига етишига олиб келмоқда. 

Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар вилоятимиз худудида хам содир этиб келинмоқда, мисол учун:

Фарғона вилоят ИИБ ТЭҚКБ ходимлари томонидан 2019 йил 26 июль куни ўтказилган махсус тадбир натижасида, Учкўприк тумани марказий шифохонасининг “Туғруқ” бўлимида врач акушер-гинеколог бўлиб ишловчи фуқаро Р.М (Исм шарифлар ўзгартирилган)ўз хамкасби Г.Н билан одамни олиш-сотиш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктириб, фуқаро Л.Дни (Исм шарифлар ўзгартирилган) никохсиз хомиладор эканлиги ва фарзандини тарбиялашга моддий шароити йўқлигидан хабар топиб, фуқаро Л.Дни туғилган фарзандини сотишга кўндириб, ушбу шаҳслар 21.07.2019 куни туғилган беш кунлик чақалоқ Н.Мни 1.000 АҚШ доллари эвазига сотиб, ушбу пулларни ўзаро тақсимлаб олган вақтларида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган ва фуқаролар Р.М, Г.Н, ва Л.Дларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Суд органлари томонидан жазо муқаррарлиги таъминланиб жиноий жавобгарликка тортилган.

Фарғона вилоят ИИБ ТЭҚКБ ходимлари томонидан 2019 йил 1 март куни ўтказилган махсус тадбир натижасида, Тошлоқ тумани Қўрғонча қишлоғи, Хотинариқ кўчасида яшовчи З.М (Исм шарифлар ўзгартирилган)исмли фуқаро БААнинг Дубай шаҳрида қўшмачилик билан шуғулланувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси асли Наманган вилоятидан бўлган Д.А (Исм шарифлар ўзгартирилган)исмли аёлга юбориш учун олдиндан тил бириктириб, унинг кўмагида, фоҳишалик билан шуғулланиши учун авиачипталар сотиб олиниб, келишувга асосан, жабрланувчиларга боргач 8.000 АҚШ доллари ишлаб бериш шарти билан БААнинг Дубай шаҳрига фоҳишалика эксплуатация қилиш орқали жиноий даромад орттириш мақсадида, фуқаро Н.Кни(Исм шарифлар ўзгартирилган) Тошкент ҳалқаро аэропортида олиб кетилаётган вақтида қўлга олинган ва З.Мга нисбатан ЎзР ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми “з”-банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Суд органлари томонидан жазо муқаррарлиги таъминланиб жиноий жавобгарликка тортилган.


Шундай экан, огоҳ бўлайлик, ушбу мудҳиш ҳолатларнинг олдини олиш барчамизнинг ватан, маҳалла ва жабрдийда оилалар олдидаги бурчимиз эканлигини унутмайлик.

 

 

Фарғона вилояти ИИБ ТҚҲБ

ходими, майор                                                            Шавкатов Мусожон     Носирович